Музей ҳақида биласизми?

Ўзбекистон Амалий санъат музейи.

Ўзбекистон Республикаси Маданият  вазирлиги тизимидаги Ўзбекистон Амалий санъат музейи мамлакатимизда ўзига хос  ягона музейлардан ҳисобланади.

Музей асримизнинг 30-чи йилларда Ўзбекистон халқ ҳунармандларининг бир неча бор ўтказилган кўргазмалари маҳсули бўлган халқ усталарининг энг нодир асарларининг мажмуи сифатида 1937 йилда ташкил топган. (Музей дастлаб кўргазма сифатида фаолият юритган. Кейинчалик. Доимий ҳаракатдаги кўргазма”га айлантирилиб, музей мақоми берилган.

Музей 1960 йилдан эътиборан, Ўзбекистон маҳаллий ишлаб чиқариш саноати  бошқаруви таркибига киритилди ва “Ўзбекистон Амалий санъатининг доимий кўргазмаси” деб юритила бошланди.

Мустақиллик даврига келиб музей коллекцияси ноёб амалий санъат буюмлари билан тўлдирилиб, 1997 йилдан эса          (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18 .08.1997 й. 405-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тасарруфига ўтказилган. Ана ўша вақтдан бери музей хазинасига халқ бадиий ҳунармандчилигининг ноёб асарлари сақланиб келинмоқда.) Ўзбекистон Амалий санъат музейи мақоми берилди. Айни пайтда музей Ўзбекистон Республикаси Маданият  вазирлиги тасарруфидадир.

Музей тўплами бадиий ва маънавий жиҳатдан ўта бой бўлиб, Х1Х-ХХ асрлар давомидаги ҳунармандчиликнинг ривожланиш тарихини кўрсатади. Музей биноси Х1Х аср охири меъморчилик-декоратив санъатининг ёрқин намунасидир.

1938 йилда музей қарамоғига Х1Х асрга оид меъморий бино топширлади. 1870 йилда бунёд этилган ушбу меъморий обида шарқ санъатидан баҳраманд бўлган коллекционер ва элчи саналган А.А.Половцевнинг қароргоҳи бўлган. Муқаддам қурилган бино 1896-1904 йиллар мобайнида безатилиб, пардозланган.

Бинони безаш ишларига Половцовнинг шахсий илмий котиби шарқшунос М.С.Андреев бошчилик қилиб, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан моҳир халқ усталарини жалб этган. Бинони чиройли қилиб безашда Бухоро, Хива, Самарқанд, Тошкент ва Риштоннинг энг яхши, қўли гул усталари қатнашган. Музей хазинасидаги бадиий буюмлар жаҳон аҳамиятига молик бўлиб, ўзбек халқининг моддий маданият ёдгорликларини ривожланиш тарихини очиб беради.

Умуминсоният маданияти хазинасининг олдинги марраларида турувчи бу ёдгорликлар ёғоч ўймакорлигига оид, ёғочга бадиий нақш солиш, ганч ўймакорлиги, бадиий кулолчилик, мисгарлик, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, лак миниатюраси, газламачиликнинг турли хиллари (читгарлик, атлас, адрас, беқасам, кимхоб, бахмал ва бошқалар) каби нодир буюмлар коллекцияларини ўз ичига олади. Бу бадиий асарлар ичида машҳур халқ усталари-хоразмлик ёғоч ўймакор устаси Ота Полвонов, бухоролик ганчкор уста Усто Ширин Муродов, самарқандлик уста Болта Жўраев, Умарқул Жўрақулов, қўқонлик уста Қодиржон Ҳайдаров, Лутфулла Фозилов, Тошкентлик уста Муҳиддин Рахимов, уста Усмон Зуфаров ва яна юзлаб ўзбек усталарининг ишлари ўзбек бадиий ҳунармандчилигини жаҳонга танитган асарлари сақланиб келинмоқда. Бу ноёб асарларни музей хазинасида музейшунос мутахассиларимиз аввайлаб асраб сақлаб келмоқдалар.

Музейда турли йилларда А.И.Сидоренко (1965-1970), С.М.Абдураззоқова (1970-1978 ва 1982-1986), Ғ.И.Шоробогатов(1979-1980), Ш.Г.Ганиева (1986-1988), И.Тохтахожаев (1988), М.С.Расулова (1990-1992), Ғ.Н.Насриддинов (1992-1994), Ғ.М.Читкаускина (1994-1998), Т.Д.Дўстаев (1998-2009), Н.Н.Талипова (2009-2012),  З.Г.Холикова (2013-2015), 2016-2017 йиллар Г.Каримов директор лавозимида фаолият юритганлар. 2017 йилнинг 22 июнидан эса А.Ш.Мирзорахимов музейга раҳбарлик қилмоқда.

Музейда мунтазам экспозиция ўрнатилган бўлиб, халқ амалий санъатининг энг ноёб намуналарини ҳудуд, мактаб ва йўналиши бўйича намоён қилади. Музейга хорижий сайёҳ ва меҳмонлар дунёнинг кўплаб давлатларидан: АҚШ, Франция, Италия, Испания, Япония, Германия, Ҳиндистон, Хитой, Малайзия, араб мамлакатлари ва бошқа давлатлардан ташриф буюрадилар. Ташриф буюрувчиларга малакали экскурсия хизмати хорижий тилларда кўрсатилади.

Музей ўзининг фаолияти давомида Ватанимизнинг йирик маданий ва маърифий марказларидан бирига айланди. Ҳар йили минглаб томошабинлар келиб кетувчи бу маскан халқимизнинг, чет эл туристлари, сайёҳлари, давлат арбоблари ва ҳукумат делегацияларининг севимли масканига айланиб қолган. Шу билан бир қаторда, музей ўзбек халқи амалий санъати тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар , халқ усталари ва рассомларнинг ижодий фаолиятини такомиллаштиришда ўзига хос бир лабаратория вазифасини ўтаб келмоқда.

Бугунги кунда музей ўз залларида халқимиз яратган санъат дурдоналарини намойиш этиш билан бир қаторда ёш, ўсиб келаётган рассомлар, халқ усталари асарлари кўргазмасини ўтказишда уларга катта имкон яратиб бермоқда. Ўзбекистон амалий санъат музейи-ўзбек халқининг ҳақиқий санъат дурдонаси саналади. У халқ орасида ўзининг маънавий ва маърифий фаолиятини олиб бориб, музей осори-атиқалари бунда ўз аксини топган.  Ҳар бир экспонат бадиий эстетик вазифасини бажариш билан томошобинга тарбиявий, ҳам ўтган кун воқелигини объектив ва субъектив таҳлил қилиб беради. Музейнинг асосий мавзуси –халқ амалий санъати бўлиб, туркум тарзида ишлатиб келинган маиший буюмлардир.

Музей охирги 150 йил  даври мобайнида ишлатилган замонавий экспонатларни кўрсатади. Қадимги ёдгорликлар намойишини бошқа тарихий музейларда учратамиз. Музейдан ўрин олган экспонатлар-халқ мероси, тарихи, санъати бўлиб, кишига маънавий озуқа саналади.

Ўзбекистон халқининг амалий санъати хилма-хиллиги музей тузилишини сақлаб беради. Экспозициядан турли хилдаги ёғоч наққошлиги ва ўймакорлиги, қўл ва машина каштачилиги, читгарлик, мато, зардўзлик, мисгарлик, шарқ миниатюраси, чинни шиша, либос ва гиламдўзлик буюмларига оид экспонатлар ўрин олган. Бу турдаги хилма-хиллик ўзбек анъанавий мактабларида мавжудлиги ва бир-биридан ранг, техника услуби билан ажралиши ҳисобига экспонатлар сони ва ҳажми кўпайиши учун хизмат қилади. Кўпгина иқтидорли ёш усталар ва халқ рассомлари бир-бирини тўлдириб, янги, замонавий оҳангда ижро этилган асарлар яратилмоқда.

Шунингдек, музей илмий-тарғибот ва тадқиқот ишларини олиб боради, ва ёш авлодни тарбиялашда ўз ҳиссасини қўшиб боради. Музей илмий ходимлари музей экспонатларини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш, экспонат паспортини тузиш, кирим дафтарига қайд этиш, янги кўргазмалар ташкиллаштириш билан фаол қатнашадилар. Музей заҳирасидаги экспонатлар сони 7500 га яқин бўлиб, шундан 1000 га яқини экспозициядан ўрин олган.          Ҳар бир санъат асари турига қараб алоҳида заллардан ўрин олган.

Музей қурилиш биноси 2 қисмдан ташкил топган бўлиб, иккиси ҳам давр ва қурилиши жиҳатидан турлича. Музейнинг марказий қисми ҳисобланмиш “Меҳмонхона” Х1Х аср охири ва ХХ аср бошига оид бўлиб, ўзбек меъморчилигининг ҳақиқий дурдонаси саналади. Унинг Европа усулида қурилган биноси Шарқ санъати ва обидаси билан уйғунлашиб кетган. 1960 йил ушбу қисмнинг ўнг ва чап томонларига корпус кўринишида замонавий бино тушган.  Бу ён томонлари қурилишида ўзбек ҳовли интерьери ва равон кўриниши сақлаб қолинган ва панжара тўсиқлари катта деразалар юзига тўсилган бўлиб, қуёшнинг нуридан тўсиб туради.

Музейнинг катта залларида йирик экспонатлар ҳисобланган-гулкўрпа, палак, сўзана ва устун-эшиклар ўрин олган. Шунингдек зардўзлик намоёнлари, гилам ва шолчалар ҳам ўрин олган. Бошқа залларда эса майда экспонатлар: ёғоч ўймакорлиги, “лавҳ”, “носқовоқ”, “қутича”лар ўрин олган.

Зардўзлик бўлими заргарлик намуналари билан уйғунлашиб кетган. Унча йирик бўлмаган залларда эса:

1). мато, чинни, шиша экспонатлари ўрин олган бўлиб, бир-бирини яхши тўлдириб туради.

2). Миллий чолғу асбоблари, ёғоч қолиблари билан читгарликнинг оч рангида жуда чиройли кўриниш касб этади. Ёғочнинг тўқ  қизғиш ранги бу икки турдаги экспонатларга мос тушган.

3). Мошина каштачилиги залида Шарқ миниатюрасининг тош қоғоздаги намуналарини кузатамиз. Музей залларидаги экспонатлар ранг жиҳатдан сокиндир. Ушбу залда Х1Х асрда ижод этган кулол усталарнинг ижод маҳсули ҳисобланган хум, кўза, лаган ва ўйинчоқларни кўришимиз мумкин. Хуллас, музей хазинасидаги бадиий буюмлар жаҳон аҳамиятига молик бўлиб, ўзбек халқининг моддий маданият ёдгорликларини ривожланиш тарихини очиб беради. Хуллас, музей ҳовлисида  1970 йилда янги бинолар қурилиб, унинг кўргазма майдони уч марта катталаштирилди.

Музей Республиканинг энг оммабоп маданий – маърифий ва илмий марказларидан бирига айланди. Ҳозирги кунда музей фонди III-IV асрлардан ҳозирги пайтгача яратилган 20 та алоҳида тўпламга кирувчи 7500 тадан ортиқ бетакрор экспонатларни ўз ичига олади. Экспонатларнинг аксарияти  амалий санъат дурдоналари ҳисобланиб,  жаҳон маданияти хазинасига киради.

Музей фаолиятининг муҳим турларидан бири махсус жиҳозланган залларга тематик кўргазмалар ташкил этишдир.           Музейда байрам ва бошқа тадбирларга бағишлаб ранг-баранг кўргазмалар ташкиллаштирилади.

Япония ҳукумати 2002 йилда музейга аудиовизуал ускуна, видеопроектор, фотолабаратория ҳамда музейнинг муқим ва кўчма экспонатлари учун замонавий витриналар ва стендларни беминнат хадя этди. Бу эса музей экспонатларини янада ёрқинроқ кўришга ҳамда кўргазмаларни замонавий даражада ўтказишга яқиндан ёрдам беради.

Музейда бўлиб ўтадиган “Наврўз нақшлари” ва “Ўзбекистон майда пластикаси”, “Ўзбек миллий либослари”,  “Бухоро гиламлари” , Ўзбек қоракўли”, “Чанқовуз овози” ва “Ўзбегим дўппилари”  каби ажойиб кўргазмалар томошабинда катта қизиқиш уйғотган. Музейнинг кўргазма залларида доимий равишда республикамизнинг турли ҳудудлари ҳунармандларининг шахсий кўргазмалари ўтказиб келинади. Айниқса,  Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги, машҳур кулол Ш.Азимов (Самарқанд), истеъдодли кулоллар А.Каримов (Бухоро), А.Абдурахимов (Риштон), кандакор уста М.Мадалиев (Тошкент), миллий қўғирчоқлар устаси М.Курязов (Хоразм), Дадамухаммедовлар заргарлар сулоласи (Тошкент) асарлари музейга ташриф буюрувчиларда катта таъсурот қолдирган. Бундай кўргазмаларнинг очилиш маросимлари слайдлар, видеофильмлар намойиши ҳамда миллий мусиқа ва қўшиқ жўрлигида ўтказилиб келинмоқда.

Амалий санъат музейи ўзбек халқининг маданий меросини мамлакатимиз ва бошқа мамлакатларда оммалаштириш бўйича ҳам  катта ишларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, музейнинг энг сара кулолчилик, кандакорлик, ёғоч ўймакорлиги, заргарлик, каштачилик,  локли миниатюра, гиламдўзлик, тасвирий санъат буюмларидан иборат 100 та экспонати Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги ҳамда Марғилоннинг 2000 йиллигига бағишлаб ўтказилган республика музейларининг нуфузли фестивалида намойиш этилди. Шунингдек, музей йирик халқаро кўргазмаларнинг доимий иштирокчиси ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон Амалий санъат музейи Австралиянинг Сидней шаҳридаги Пархауз музейида ўтказилган “Ёрқин жилолар: Марказий Осиё матолари ва кулолчилик санъати” кўргазмасида қўлда тикилган сўзаналар, эркаклар ва аёллар миллий кийимлари намуналарини намойиш этди.

Музейнинг Х1Х аср ва ХХ аср бошларида бухоро, хоразм, самарқанд ва тошкентлик усталар томонидан яратилган заргарлик буюмлари Япониянинг Фукуока, Иваки, Окадзаки, Кагава ва Киото шаҳарларида “Буюк ипак йўли ва унинг мероси” кўчма кўргазмаларида намойиш этилган. Шунингдек, музей Озарбайжонда ўтказилган Ўзбекистон Миллий кўргазмасида  републикамиз амалий санъати вакили сифатида иштирок этган. Германия, Дания, Буюк Британия, Малайзия, Белгия, Швецария, Италия, Франция, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар вакиллари ҳам музей коллекцияси экспонатлари билан танишиш имкониятига эга бўлганлар.

Музей экспозицияси 13 та залда жойдаштирилган бўлиб, унда республиканинг турли минтақаларидан келтирилган миллий амалий санъатимизнинг энг сара намуналари ўрин олган. Экспозиция залларига олиб кирувчи ажойиб ўйма нақшлар билан безатилган эшикларнинг ўзи ҳам музей экспонатлари саналади. Улар моҳир ўймакор уста Жамшид Ғоипов томонидан чинор дарахти ёғочидан ишланган. Нафис “Ислимий” нақшларнинг маъдан қадамалар, қуйма нақшли эшик дасталар билан моҳирона уйғунлаштирилиши Ўзбекистон амалий санъати дунёсига тантанавор кириш таасуротини уйғотади.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, кўпгина соҳалар қатори музейшунослик соҳасига ҳам катта аҳамият берилди. Ҳукуматимиз ва Президентимиз томонидан соҳани тубдан  ўзгартириш ва ривожлантириш бўйича бир қанча қарор ва фармонлар ишлаб чиқилиб, амалга тадбиқ этилди. Халқимизнинг бебаҳо маданий – бадиий бойликлари сақланаётган  моддий-техник базаси тубдан яхшиланди, айримлари замонавий биноларга кўчирилди. Ўзбекистондаги барча музейларда, шунингдек Ўзбекистон Амалий санъат музейида ҳам қайтадан экспозиция ташкил этилиб, миллий ғоя ва мафкурамизга мослаштирилди. Собиқ иттифоқ давридан қолган ва уни тарғиб қилувчи экспозиция ва экспонатлар музей фондида илмий ўрганиш учун намуна сифатида сақлаб қолинди. Мустақиллик экспозицияси тарихимизга оид осори-атиқалар орқали аҳолини, айниқса ўсиб келаётган ёш авлодни умумбашарий қадриятларга, улкан ва бой маданий меросимизга ҳурмат ва эҳтиром, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш учун хизмат қилади. Музей экскурсоводларининг экскурсия матнларида ўзбек халқининг ўтмиши, бугунги куни, урф-одатлари ва анъаналари ҳамда қадриятлар ўз ифодасини топган.

Хуллас, Ўзбекистон Амалий санъат музейи маданий мерос объекти бўлиб, халқ ҳунармандчилик санъати асарларини намойиш этувчи маданий маърифий муассаса ҳамда чет эл сайёҳларининг севимли масканидир.

Орқага