Нақшлардаги баҳор жилоси

Ўзбекистон  Амалий санъат музейининг 2017 йилги тадбирлар режасидан ўрин олган, Наврўз – янгиланиш ва яшариш байрамига  бағишланган, “Нақшлардаги баҳор жилоси” номли кўргазма ташкил этилди.

Кўргазманинг олдига қўйган мақсади, ҳунарманд усталар томонидан яратилган  халқ амалий санъатининг нодир асарларидан намуналар намойиш этиш орқали ўзбек халқининг бой меросини  кўргазмага ташриф буюрувчилар мамлакатимиз фуқоролари, айниқса ёшларга ва чет эллик меҳмонларга кўрсатишдан иборат.

Кўргазма экспозициясидан ўрин олган амалий санъат асарлари  халқ мероси, тарихи, санъати бўлиб, томошабинга маънавий озуқа беради. Ушбу кўргазмада ўзбек амалий санъати усталари К. Турдиқулов, З.Ўрмонов, А.Қосимов,  М. Нигматов, Ғ. Рахматуллаев А. Артиковлар томонидан яратилган лак миниатюраси ва ёғоч ўймакорлиги буюмлари ўрин олган бўлиб, бир бирини  тўлдириб туради.

Экспозицияда Тошкентлик Ўзбекистон Бадиий Академияси аъзоси, ёғоч ўймакор уста Комил Турдиқулов, Мирсаид Нигматов, З.Ўрмонов. А.Қосимов ва бошқа ёғоч ўймакор усталар томонидан яратилган санъат асарларини кўриш мумкин.

Ёғоч ўймакорлиги ўзбек халқ амалий санъатининг кенг тарқалган бир тури. Бунда бирор нақш ёки тасвир тахта ёки ёғоч буюмларга чизиб, кесиб, ўйиб ишланади.

Ўрта Осиёда ёғоч ўймакорлиги қадимдан ривожланиб кишиларнинг уй-рўзғор буюмларида ва архитектурасида жуда кенг қўлланилган. Ёғоч ўймакорлиги эшик, дарвоза, усутунлар, ҳар хил тўсин, стол, хонтахта, қутича, рамка, қаламдон ва бошқа буюмларни безашда ишлатилиб келинган. Ёғоч ўймакорлигининг ўзига хос турларидан бири китоб ўқишга мўлжалланган лавҳ ясаш ўрта асрларда пайдо бўлган. XX асрнинг ўрталарида тошкентлик машҳур ўймакор С.Хўжаев, шунингдек, О.Файзуллаев, А.Сайдалиев, А.Азларов ясаган лавҳлар яхши сақланиб келинган. Лавҳ яхлит ёғоч бўлагидан елимсиз, михсиз ва шарнирларсиз, ўйиб ясалади. Лавҳ йиғилган ҳолатда оддий ёғоч бўлагига айланади. Энг моҳир усталар икки ва уч қаватли лавҳларни ясашади, улар очилганда мўъжаз этажерка кўринишини олади.Ўймакор усталар ўзи яратган асарларида, ҳар бир ўйма нақш заминида рамзий маъно бўлади. Улар бу мураккаб нақшлар орқали ўзларининг энг гўзал тилакларини акс эттирганлар.

Шунингдек кўргазма экспозициясида Бухоролик миниатюра устаси Азизбек Артиков ҳамда Тошкентлик уста  Ғайрат Рахматуллаев ижодига мансуб санъат асарларини кўришимиз мумкин.

А.Артиков 2000 йилдан бошлаб бу ҳунар тури билан шуғулланиб келмоқда.

У Франция, Германия ва боқша ҳалқаро кўргазмаларда иштирок этиб миллий ҳунармандчилигимизни янада ривожига катта хисса қўшган ҳунармандлардан.Ёш бўлишига қарамай бир неча шогирдларнинг устози.

Кўргазмада А.Артиқов томонидан яратилган шахмат тахталари, зардўзи шахмат,тортмали стол кабилар билан танишиш мумкин.Шунингдек Ғ.Рахматуллаев томонидан яратилган панно ва безакли лаганлар кўргазмага ўзгача жило бериб турибти.

Шарқ китоб миниатюраси бутун оламга машҳур. У ҳамиша жимжимадорлиги, бой рагли манзараси билан кишини ҳайратга солиб келган. Тошкентда 1980-йил халқ усталари уюшмаси “Усто” устахонаси  ташкил этилганди, у ерда мусаввирлар турли шарқ мавзуларида ва Навоий достонларида тилга кириб жонланди. Усталар шарқ мумтоз адабиёти “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” каби асарларига мурожат қилишган. Самарқандда попье-маше яъни “мағзи сохта” 15-асрда ривожланди, бу ҳақида Бибихоним масжидида сақланиб қолган безакли медальонлар сўзлайди.

Мағзи сохтадан ясалган буюмлар – катта-кичик қаламдон, қимматбаҳо муқовалар, шахмат тахталари, сандиқчалар, ҳар хил қутичалар, гулдонлар ва бошқа майда буюмлар нафис ўсимлик нақшлари билан безалган. Қаламдонларнинг безакли композициясига  баъзида чиройли чизилган хатлар киритилган. Гуллар ингичка муйқаламлар билан тилла ёки бронза ҳалимдан, тилла, бронза варақларидан ўрик ва олча елими қўшилиб ишланган бўёқлар билан солинган. Мағзи сохта учун лок ва бўёқ мураккаб ва хилма-хил таркибда тайёрланган.

Ўзбекистон  Амалий санъат музейида ташкил этилган “Нақшлардаги баҳор жилоси” кўргазмаси  халқимизнинг миллий маданий меросини янада чуқур англашга, тарихимизга оид осори-атиқалар орқали айниқса, ёшларни умубашарий қадриятларга, улкан ва бой миллий маданий меросимизга ҳурмат-эҳтиром, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга ҳамда қадимдан то ҳозирги давргача бўлган амалий санъат дурдоналари билан яқиндан танишишга кенг имкон яратади.

Кўргазма доирасида  халқ бадиий жамоалари дирекцияси хонанда, созанда, раққосалари ўзларининг мусиқий чиқишлари билан барчани хушнуд этадилар. Шунингдек, уста-ҳунармандлар томонидан маҳорат дарслари бўлиб ўтади.

Орқага