Мўжизакор тупроқ сеҳри.
Аннотация (ўзбекча)
Кулолчилик санъатининг келиб чиқиши уни Ўрта Осиёда ривожланиб, равнақ топиши, амалий санъатининг кулолчилик йўналиши услублари, кулолчилик мактабларининг турли ҳудудларда ташкил топиши ҳақида сўз боради. Шу билан бирга ҳозирда кулолчилик санъатига бўлган эътибор ёритилиб берилган. Мазкур мақоланинг мақсади – кулолчилик санъатининг ривожланиши маиший ҳаётимизда катта рол ўйнаганлигини ёритиш, ҳалқимизнинг амалий санъат тарихи ва анъаналарини сақлашга муносиб ҳиссасини қўшишдан иборатдир.
Калит сўзлар: чарх, қувачалар, гравирофка, турунжлар.
Annotation (инглизча)
The origin of the art of pottery speaks of its development in Central Asia, the methods of applied art in the field of pottery, the organization of pottery schools in different regions. At the same time, attention is now paid to the art of pottery. The purpose of this article is to show that the development of the art of pottery has played a significant role in our lives, to make a worthy contribution to the preservation of the history and traditions of applied art of our people.
Keywords: wheel, buckets, engraving, crayons.
Кулолчилик-халқ амалий санъати турларидан бўлиб, ҳунармандчиликнинг лойдан, гилдан турли буюмлар, идишлар, қурилиш материаллари тайёрлайдиган соҳасига киради. Асосий хом ашё табиий тупроқ бўлиб, лой қанча кўп пишитилса, сополнинг сифати шунча яхши бўлади. Кулолчилик қора лойдан мўъжизакор гўзаллик яратган шарқнинг энг қадимий ҳамда навқирон санъатидир. Бу қора лой саҳоват, ҳалолик, эзгулик тимсолидир. Тупроқ инсонларнинг барча эҳтиёжини ўз зиммасига олган фаровонлик, тўкинлик, ризқ-рўз, гўзалликнинг энг оддий кўриниши, санъатнинг заминидир. Ўзбек кулолчилиги узоқ тарихга ажойиб анъаналар, шакл, мазмун, ижодий жараён ва ўзига хос услубга эга. Кулолчилик хунари лойдан, пиёла, коса, товоқ, кўза, лаган, хурмача, тоғора, хум, тандир, қурилиш материаллари ва бошқалар тайёрланадиган соҳа бўлиб, узоқ тарихга эга. Кулоллик касби билан дастлаб аёллар шуғулланган, кейинчалик кулол чархи пайдо бўлганидан кейин бу ишга эркаклар жалб этилган. Кулолчилик чархи милоддан аввалги уч минг йилликни бошларида ихтиро қилинган.
VIII-XII асрларда кулолчилик Ўрта Осиёда ривожланган. Буни Афросиёбда ва Ўрта Осиёнинг бошқа ҳудудларидан топилган кулолчилик буюмлари исботлаб беради. XIV асрдан бошлаб Ўрта Осиё маданияти тез суръатлар билан ривожланди. Айниқса юртимизда археологик қазилмалардан топилган турли ҳажмдаги хумлар, кўзалар, қувачалар ва бошқа маиший уй-рўзғор сопол буюмлари кулолчиликнинг равнақ топганидан далолат беради.
Ўрта Осиёда сувга бўлган эҳтиёж катта бўлгани учун сопол идишларни тез суръатлар билан ишлаб чиқаришга эҳтиёж сезилди. Асрлар оша уларнинг шакли ва безаги нафислана борди. Усталар турли-туман кулолчилик буюмларини ясашдан ташқари уларни юксак дид билан безай бошладилар. XIX асрда Ўрта Осиёда тожик ва ўзбек халқлари ўртасида кулолчилик жуда кенг ривожланиб Панжикент, Самарқанд, Шаҳрисабз, Тошкент, Риштонда кулолчилик марказлари пайдо бўла бошлади.
1932 йилда Тошкентда халқ амалий санъати усталари шу қатори кулолларни тайёрлайдиган курслар ташкил этилди. Кулолчилик сир-асрорларини машҳур кулоллар ёшларга сидқидилдан ўргатдилар. Булар Риштонлик Муҳаммад Сиддиқ, Иброхим Комилов, Ғиждувонлик Усмон Умаров, Тошкентлик Туроб Миралиев, Шаҳрисабзлик Рустам Эгамбердиев, Аҳад Мухтор, Карим Ҳазраткулов ва бошқалар эди. Айниқса, кулолчиликни тадбиқ этишда Ўзбекистон халқ рассоми, санъатшунослик номзоди уста Муҳиддин Раҳимов самарали меҳнат қилди. У ўзига хос кулолчилик мактабини яратиб, халқ санъатига оид бир қанча асарлар яратиб ажойиб шогирдлар қолдирди.
Кулолчилик услублари: ҳар бир ҳунарни ўзига хос машаққатли ва ўзига хос сир-асрорлари бўлади. Қадимдан ота-боболаримиз бадиий кулолчилик сирларини ва тажрибаларини фақат ўз шогирдларига ўргатиб, ўзга болаларга ўргатмаганлар. Ота боболаримиз асрлар мобайнида кулолчилик сир-асрорларини ўрганиб, ҳар бир маҳсулотни айниқса сифатига, бадиийлигига, фойдаланиш қулайлигига ва унинг умрбоқийлигига алоҳида эътибор бериб келганлар. Шунинг учун улар тайёрлаган оддий сопол пиёласидан тортиб шарқ меъморчилигини безаб турган кошинларнинг умрбоқийлиги дунё аҳлини лол қолдирмоқда. Бунга эришиш учун ота-боболаримиз юқори сифатли, ғоят чидамли ҳамда давр синовларидан ўтган хом-ашёлардан кенг фойдаланиб келганлар. Кулолчилик намуналаридан бўлган сополларда аввало, икки хил ранг гуруҳлари аниқ, равшан чегараланган: бири мовий-оқ-зангори ва иккинчиси зангори қўнғир сариқдир. Ғиждувон кулоллари одатда “чизма”- гравирофка техникасини эркин “қалами” техник усули билан бирга қўллайдилар. Идишлар шакли ва гул тўқимасининг композицион тузилиши ҳудудлар бўйича бир-биридан кам фарқ қилади, лекин безак мавзуси ўз хусусиятини йўқотмаган. Ўсимлик гул турунжлари билан бир қаторда “зулук”, чувалчанг ҳашорат тасвири ҳам нақш сифатида кенг ишлатилади.
Шундай ноёб кулолчилик намуналарини бизнинг, Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейимизда ҳам кўриб, баҳра олишингиз мумкин. Ўзбекистон ҳудудида бир қанча археологик қазилмалар натижасида кўҳна сопол буюмлар: кўза, хум, товоқлар топилган. Айнан сопол буюмларга қараб қадимги шаҳар маданияти ва тарих саҳифаларини аниқлаш мумкин. Экспозициядан ўрин олган кулолчилик намуналари турли-туман ва кўпгина мактабларни қамраб олган. Витринадаги экспонатлар турли ҳудудларга тегишли бўлиб, Тошкент ҳудудидан – Мухиддин Рахимов ва уларнинг уғиллари Акбар Рахимов, Алишер Рахимовларнинг, Самарқанд кулоларидан: Мансур Носиров, Шариф Азимов, Ҳайдар Ботировлар ва хозирги кунда Абдирахим Мухторовнинг келинлари Дилорам Мухторова ва ўгиллари Хушнудбек Мухторовларнинг, Ургутлик: Махкам Облақулов уғиллари Нўмон Облақулов, Шахрисабздан: Ахад Музафаров неваралари Рустам Музафаровларнинг, Наманган вилояти Ғурумсарой туманидан М.Рахимов, Х.Сатимов, Х.Хакимов, М.Туропов, А.Буваевларнинг, Риштондан: Шарофиддин Юсупов ҳамда Алишер ва Бахтиёр Назировлар Хоразм яъни Хивада Хонқа тумани Мадир қишлоғидан Раимберди Матчонов ва уғиллари Одилбек Матчоновлар, Бухоро вилояти Ғиждувон мактабининг 4-авлод уста Усмон Умаров ва 5-авлод вакили уста Ибодулла Назруллаев, Алишер ва Абдулла Назруллаевларнинг кулолчилик намуналарининг ноёб дурдоналарини кўришимиз мумкин.
Риштон ўзининг асрларга татигулик кулолчилик санъати билан машҳур. Равшанбек Тожиддинов эса анъанавий кулолчиликни замон нафаси билан уйғунлаштириб, униг ривожланишига хисса кушди. Қарийб 30 йилдан буён кулолчилик билан шуғулланиб келаётган бу инсоннинг ҳозирда 70 га яқин шогирдлари бор.
Тарихи бой бўлган кулолчилик санъати жуда қадимий бўлиб асрлар оша сайлқалланиб келмоқда. Ушбу санъатни ривожлантириш ва келгуси авлодга етказиб бериш учун ҳозирдан ҳаракат қилишимиз лозим. Бунинг учун мактаб ёшидаги болаларга айниқса, ўғил болаларни мактабдан бирор ҳунарни ўрганиш учун ҳунармандларга шогирд қилиб бериш керак бўлади. Бу эса келажакда анъаналаримизни йўқолиб кетишини олдини олади, ҳамда уларни ҳунарли қилибгина қолмай, оила тебратиш учун ҳам кўмак беради.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
- Булатов С. “Ўзбек халқ амалий безак санъати”. Тошкент, 1991 йил.
- М. Прица “Тошкент ганчкорлиги” Бадиий адабиётлар нашриёти
1961 йил. - С. Булатов “Ўзбекистон санъати тарихи”. Тошкент 1991 йил.
- Т. Абдуллаев XIX-XX асрларда “Ўзбекистон қандакорлик санъати”. Тошкент 1994 йил.
- Р.Хасанов “Амалий безак санъати методикаси”.Тошкент 2003 йил.