Юртимизда фаолият олиб бораётган барча музейларда ўзбек халқи санъати тарихидан сўзловчи ноёб санъат асарлари сақланади. Жумладан, Ўзбекистон амалий санъат музейи ҳам мамлакатимиздаги ўз ўрнига эга йирик музей ҳисобланади. Музей биноси XIX аср миллий меъморчилик санъатининг ёрқин намунаси ҳисобланади. Бунга сабаб, бино Тошкент, Самарқанд, Хива ва Бухоро қўли гул усталари томонидан йирик санъат асари сифатида барпо қилинганидадир. Бугунги кунда музей фондида юксак маҳоратли усталар томонидан яратилган амалий санъат буюмлари сақланмоқда. Жумладан, ўзбек халқи амалий санъати тарихида ўзига хос ўринга ва турли хил услубга эга бўлган тарихий мактаб усталари томонидан яратилган каштачилик санъати намуналари аҳамиятлидир.
Каштачилик санъати қадимдан мавжуд бўлган, аммо бошқа санъат турлари намуналари каби матони узоқ йиллар давомида сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган. Лекин бугунги кунда Ўзбекистон Давлат Санъат музейида XVII асрга тегишли Бухорода бажарилган нодир сўзана бўлаги сақланмоқда. Энг қадимги кашталар XIX асрнинг бошларида яратилган деб белгиланган. Каштачилик мактаблари XVIII-XIX асрларда шакллана бошлаган. Бугунги кунда ҳар бир каштачилик мактаблари ўз чок услуби, ранглари ва компазицияси билан бир – биридан фарқ қилади. Каштачилик қадимдан авлоддан авлодга ўтиб келган санъат турларидан бири ҳисобланади. Бундай анъаналар ҳар бир оилада мавжуд бўлган. Сабаби, бўлажак келинлар ўз сарполарига кашта буюмлари тикишган. Бунинг учун улар 6 ёшидан бошлаб бу санъат тури сирларини ўзлаштира бошлашган.
Бухоро каштачилик маркази энг қадимий марказ ҳисобланади. Бухоро атрофи Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент шаҳарларида ҳам каштачилик ривожланган. Бу марказда бажарилган каштачилик намуналари енгил ва нозик гулли ҳамда безак марказида айлана шакли берилганлиги билан аҳамиятлидир. Бухоро марказида сўзана, нимсўзана, дўппи, чопонлар қилинган. Бу ҳудудда қадимий анъаналар сақланиб келинмоқда. Сўзаналар композицияси марказида медалён (“як моҳу чор шоҳ”) ва четида рамкали қилиб “кордоош” (“кор”-пичоқ, “ош”-ошхона яъни ошхона пичоғи деган маънода) орнаментлари берилган. Ушбу безак ёвуз кучлардан сақлайдиган, ёмон кўзлардан асровчи каби рамзларни англатган.
Кейинги ўринда Нурота маркази туради. Энг қадимги кашталар ҳам айнан Нурота мактабида яратилган. Ушбу марказнинг бошқа мактаблардан фарқи очиқ фонда ва ўсимликсимон орнаментлардан унумли фойдаланилади. Безаклари жуда нафис ҳамда нозик қилиб тикилган. Бу хусусият ўтроқ халқ санъатига хос бўлган. Гуллар, қушлар, қалампирмунчоқ ва ўсимлик барглари акс эттирилган орнаментлар сўзана, гулкўрпа, зардевор ҳамда чойшабларни безаб турган. Бундан ташқари Нурота кашталарида “рапорт” (бир хилда такрорланувчи) нақш туридан ҳам фойдаланилган. Бунда нақшлар бир хил тартибда жойлашишига эришилган. У 40 см ли матоларга кашта тикиб, сўнг уларни улаб ҳосил қилинган йўл-йўл нақшдир. Нақшларни чизувчи аёл аввал бўлак матоларни ёнма-ён қўйиб композиция яратган, сўнгра уларни юрма чок услубида тикишган. Сўзана бўлаклари тайёр бўлганидан сўнг улар мустаҳкам чок билан бирлаштирилган.
Самарқанд каштачилик мактабида Ургут шаҳри марказ ҳисобланади. Бу ерда сўзана, ойпалак, юлдузпалаклар тикилган ва уларда оқ матога қора нақшлар билан безак берилган. Ёки аксинча, қора фонга оқ нақшлар қилинган. Яъни кескин ранглар билан босма чокда тикилган. Ушбу марказда лолагул, чорбарг, қўчқоршох каби орнаментлардан фойдаланилади. Яна бир нақш тури бу “як моҳу чор шоҳ” яъни битта ой ва тўртта шох деган маънони англатади. Бундай нақш турида марказда медалён ва атрофи яъни тўрт бурчагида орнаментлар жойлаштирилган бўлади. Ургутнинг яна бир ўзига хос орнаменти чойнакнинг тасвири туширилиши бўлиб, у сўзана марказида айлана ичида ва чети қайрилган нозик безак билан берилади. Бундан ташқари Ургутда келинлар ўз сарполарига тўй рўмоллари ва буғжомалар ҳам тикишган ва улар нафис каштачилик орнаментлари билан безатилган.
Яна бир мактаб Жиззах марказидир. Унда тоғорапалак, юлдузпалак, ойпалак ва булардан ташқари халқ хўжалигида фойдаланиладиган оддий ойнахалта, чойхалта ва тузхалталарга ҳам кашталар билан безак берилган. Буларда иссиқ рангли иплардан кашталар тикилган. Сўзаналар композицияси нозик ўсимликсимон нақшлар билан тўлдирилган ва четидан ҳошия қилиниб кордоош орнаменти ҳам қўлланилган. Сўзаналарнинг баъзи жойларида тугалланмаган безаклар ҳам мавжуд бўлиб, улар анъаналар давомийлиги, тўй-тантаналар бардавомлигини ҳамда шу хонадонларда бахт якунланмаслигини англатган.
Йирик марказлардан Тошкент ва Пискент марказлари бўлиб, Тошкентда сўзананинг 2 та тури мавжуд бўлган. Улар гулкўрпа (нақшли кўрпа), ойпалак (юлдузпалак, тоғорапалак). Тошкент гулкўрпалари эркин композицияда ўсимликсимон нақшлар билан безатилган. Гулдасталар, дарахт ва ўсимлик барглари нозик ва эгилган шаклда тикилган. Унинг марказида эса юлдуз шаклидаги медалён бўлган. Гулкўрпа безаклари тартибсиз эркин ҳолда бўлган бўлса, ойпалакда безаклар бир текис жойлаштирилган. Тошкент марказида ипакдан ташқари бахмал матосидан ҳам паранжи ва чачвонлар тикилган. Уларнинг четлари каштанинг нозик нақшлари билан безатилган.
Фарғона водийсида Қўқон, Марғилон, Андижон, Наманган, Фарғона шаҳарларида каштачилик марказлари бор. Водий каштачилигида тоғорапалак, юлдузпалак, сўзана турлари кўплаб яратилган. Булардан ташқари зардевор – деворнинг тепа қисмига илинадиган каштачилик буюми бўлиб, бўлажак келинлар ўз сарполарига бундай кашталардан тикишган. Фарғона марказида асосан қора матоларга кашта тикилган. Андижон сўзаналарида кочбайт, тоғорапалак, кордоош каби орнаментлар ва ўсимликсимон нақшлар бўлган. Ипакдан турли нақшлар берилиб тикилган Андижон дўпписи кашталарида миллий орнаментларга алоҳида урғу берилган.
Марказлардан ташқари 2 та катта минтақалар мавжуд. Булар: Қашқадарё ва Сурхондарё марказларидир. Қашқадарёда Шахрисабз, Китоб, Қарши, Яккабоғ, Косонсой шаҳарлари каштачилик наъмуналари яратилган. Сурхондарё марказида Бойсун, Денов, Сариосиё, Шеробод кашта марказлари бўлган. Шахрисабз ва Бойсун марказларида дўппи, жияк, ҳалтачалар, нимча, камарлар ва яна бошқа кўплаб буюмлар тикилган. Ушбу марказда бошқа каштачилик марказларидан фарқли равишда яратилган дўппилар четида попукча ҳам қўйилган. Шахрисабз дўппилари асосан думалоқ рангда бўлиб, аёллар дўппилари эркакларникига нисбатан безакдор ва турли рангда бўлган. Бойсун дўппиларида эса асосан геометрик нақшлардан кўп фойдаланилган.
Каштачилик марказларида тайёрланадиган буюмларнинг барчасида миллийлик, халқнинг маданий турмуш тарзи акс эттирилган. Шу билан бирга ҳар бир мактабнинг ўзига хос чок услуби, колорити, безаги мавжуд бўлган. Бу анъаналар бугунги кунда ҳам ёш авлодларга мерос бўлиб сақланиб келмоқда.