Ўзбекистон анъанавий маточилик санъати бадиий ҳунармандчиликнинг энг қадимги турларидан бири ҳисобланади. У ўзига хослиги , тадрижий ривожини ўрганилиши бадиий санъатимизда катта аҳамият касб этиб, у кундалик ҳаёт зарурияти учун кенг фойдаланилган.
XIX аср ўрталарида бадиий матоларни ишлаб чиқариш Ўзбекистоннинг кўпгина шаҳарлари — асосан Бухоро, Марғилон, Самарқандда, шунингдек, Андижон, Қўқон, Қарши, Китоб, Шахрисабз, Ургут , Бойсун сингари туманларда сақланиб қолган . Ушбу шаҳар ва қишлоқларда хилма-хил сидирға, гулдор ип, ипак ва ярим ипак хонаки газламалар содда ва мураккаб усулда тўқиб чиқарилган.Миллий матоларнинг катта қисмини ипак ва пахта ипларидан тўқилган тўқимачилик намуналари ташкил этади.
XIX – XX асрларда ўзбек анъанавий маточилик санъатида бадиий анъана, ҳунармандчилик сирларининг авлоддан – авлодга ўтиши, абр қўл тўқимачилигидаги янги нақшлар тизимининг замонавий шароитга қараб вужудга келиши ва нақшлар семантикаси ҳамда ҳунарман��лар ижодидаги бадиий анъана назарий аспектлари алоҳида ўрин эгаллайди.
XX аср Ўзбекистон анъанавий маточилигида кўп асрлар мобайнида ривожланиб келган анъанавий ҳунармандчиликнинг нақшлар тизими сақланиб келади. Лекин шу билан биргаликда , XX асрга оид тарихий, ижтимоий, иқтисодий ўзгаришлар анъанавий маточиликни “бадиий тилига” ва айнан нақшлар тизимига катта таъсир қилади. XX аср ўзбек анъанавий маточилик санъатида бадиий анъана ва инновациялар , маҳаллий мактаблар сақланиши ва йўқолиб кетиши муоммолари, нақшлар семантикаси, ҳунармандлар ижодидаги индивидуализм ва бадиий анъана назарий аспектлари алоҳида ўрин эгаллайди. Ўзбек матоларида биринчи навбатда ранглар гўзаллиги кўзга яққол ташланади, соф, ёрқин бўёқлар нафис бирикмаларда берилади.
Анъанавий маточиликни нақшлар тизимини шаклланишида ўтроқ ва кўчманчи халқларга оид тушунчалар, ғоялар, турли этномаданий алоқаларни таъсирини кўришимиз мумкин.
XX аср анъанавий ўзбек маточилик санъатининг нақшлар тизими қуйидагилардан иборат:
- Ўсимликсимон нақшлар (коса-гуль, сим-сима, дарахт, тувакда гуль, шохи, бодом, нок, анор);
- Геометриксимон нақшлар (думалоқ, ромб, спирал, шоти капа ва х.к.);
- Ҳайвонот оламига оид нақшлар (шох, илон изи, қўчқор шохи, йўлбарс думи, туйи пайпоқ, капалак, чаён, сапсар қарға);
- Буюмлар тасвири (тароқ, шокила, туморча, ноғора, офтоба, чироқ);
- Табиат рамзлари (тийри камон, баҳор, тунги ёғду);
- Рангни ёки маточилик техникасини билдирувчи нақшлар (нилоби, қора атлас, оқ арқоқ, бешюрма);
- Ҳудудларни ёки келиб чиқишни кўрсатувчи нақшлар ( фарғона нусҳа, бухоро нусҳа, яҳудий нусҳа, джюхут гули);
- Антропоморф нақшлар (одам кўзи, қўллари).
XX асрда анъанавий маточиликка кириб келган нақшлар қаторида: Хосиятхон, Гулнора, Мустақиллик, Амир Темур, Наврўз капалаги, Кремль, ғалаба, Фарғона дарвозаси каби нақшларни хам учратиш мумкин.
Анъанавий маточиликда нақшлар тизими матоларнинг композиция, колорити билан чамбарчас боғлиқ. Бадиий тафаккурни ўзгарганига қарамай , баъзи бир нақшлар ҳозирги кунда ҳам ўзининг фалсафий , диний ва асровчи хусусиятларини сақлаб қолган.