Ўзбек халқ чолғу замонавий ижрочилик санъати ўз тараққиётида кўп асрлик анъаналарни мерос қилиб олди. Уларнинг илдизлари қадим-қадим даврларга бориб тақалади. Зотан, эрамизнинг I-асрига оид Айритом археологик топилмасида акс этган созанда аёллар қўлидаги чолғулар ҳаёлий эмас, балки ўша даврларда истеъмолда бўлган чолғуларнинг ҳаққоний тасвиридир. Шунингдек кўҳна чолғулар тасвирини Пажикент, Холчаён ва Афрасиёбдан топилган деворий суратларда ҳам кўрамиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Абу Наср ал-Фаробий замонидаёқ “Мусиқа илми” алоҳида назарий соҳа сифатида майдонга келган. Фаробий чолғу асбоблар илмининг асосчиси бўлган ва бу бежисга эмас. Фаробий “Мусиқа илми” китобида мусиқа санъати ва чолғу асбоблари ҳақида тўлиқ маълумот беради. Ушбу китобда айниқса чолғу асбобларига алоҳида тўхталиб, ҳар бир созга алоҳида изоҳ бериб ўтган. Муалиф шунингдек ўзи яшаган шарқ давлатларидаги халқларнинг мусиқий созларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. Олимнинг ўзи ҳам бир неча чолғу асбобларини яхши ижро эта билган. Кейинги асрларда эса бу соҳанинг Абу Али ибн Сино, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳриддин Муҳаммад Бобур, Дарвиш Али Чангий каби етук намояндалари ўз асарларида мусиқа санъатига оид илмий-назарий маълумотлар билан бир қаторда миллий чолғулар ҳақида ҳам муҳим маълумотларни баён қилганлар.
Ўрта Осиё халқлари орасида чолғу асбобларнинг карнай, сурнай, най қўшнай; зарб билан чалинадиган созлар — ноғора, чилдирма; торли созлар — ғижжак, чанг, рубобб, уд, дутор, танбур, сато кенг тарқалишига асосий сабаблардан бири ҳам бу – маданиятнинг юксак даражада бўлганлиги, ҳунармандчиликнинг ривожланганганлигидандир. Ўзбек миллий мусиқа маданияти, шу жумладан мақомлар айни шу чолғулар воситасида яратилиб, неча асрлар оша бизга етиб келган. Мусиқий санъатнинг, хусусан, чолғу асбобларининг ривожланишига аввало ҳалқ оғзаки ижоди, мавсумий байрамларнинг кўплиги ҳам асосий туртки бўлган. Масалан ҳозирги кунга қадар ишлатилиб келаётган турли чолғу асбоблар: ноғора, карнай, най, хуштак кабилар ўтмишда маълум бир жанг, ов, зироат каби мавсумларда кенг ишлатилган. Мусиқий асбоблар рақс ижроси билан ҳам боғлиқ бўлган. Қадимий созларни санаб ўтарканмиз, аксарият замонамиз созандалари томонидан қўллаб келинаётган созлар узоқ ўтмишдан бизга меросдир. Қадимий торли созлардан бири – Уд ҳисобланади. Уд- шарқ халқлари орасида энг кўп тарқалган чолғу асбоблардандир. Уд созини эрамизнинг 1-асрига оид Айритом, Халчаён архелогик деворий фреска топилмаларида кўришимиз мумкин. Сознинг қадимийлигига жуда кўплаб топилмалар: нумизматика тангалари, кулолчиликдаги тасвирлар ҳам исбот бўла олади. Мелодий 930-йили зарб этилган кумуш тангаларда Уд чалаётган ҳалифа тасвирини учратиш мумкин. Эрамизнинг 1-асрига оид Афрасиёб фреска безакларида эса Уд чалаётган соззанда фигуралар ҳам жуда эътиборлидир. Бу қадимий сўғд сози эканлигига, мусиқий чолғу санъати ривож топганлигидан далолат беради. Ушбу Уд сози севимли бўлиб кўплаб шарқ ва хаттоки ғарб халқлари орасида кенг тарқалганлиги шубҳасиздир. Уд ғарб мамлакатларига француз тилида — Luth, испан тилида- Laud, немис тилида – Laute номи билан кириб борган. Сўғд сози – уд, қадимда бар-бат (ўрдак шаклини эслатганлиги учун шу ном билан аталган) номи билан ҳам машҳур бўлган. Маҳмуд Қошғарий ушбу созни туркий халқлар орасида кенг тарқалганлиги ҳусусида батафсил маълумот бериб ўтган.
Уд сози кейинчалик бошқа торли созларнинг яратилишига ҳам асос бўлган. Шакл ва кўринишини ўзгартирган бошқа шарқ торли созлари бунга мисол бўлади. 18-аср Хитой ва Япон миниатюраларида уд созига жуда ўхшаш торли созларни учратиш мумкин.
Зарб ва пуфлаб чалинадиган созларимиз ҳозирги кунга қадар ижро этилиб келмоқда, айниқса тўй ва байрамларни карнай, ноғора ва сурнайсиз тасаввур этиш қийин. Шуни айтиш жоики карнай ўтмишда жанг ва ов саҳналарида, фармони олийни ҳалқга етказишда, оммани бир жойга йиғишда, жар солишда кенг ишлатилган.
Одатда чолғу асбоблари ўрик, тут ва ёнғоқ каби мевали дарахтлардан ясалади. Ҳозирги кунга қадар анъанавий техник усуллар сақлаб қолинган. Муомаладан чиқиб кетган анъанавий мусиқий асбобларимиз: сато, уд, рубоб Усто Усмон ва унинг ўғиллари Тўхтамурод Зуфаров авлод давомчилари томонидан қайта тикланиб, ҳалқимизга бой меросни улашиб келишмоқда.