Ўзбекистон Амалий санъат музейида “Музейлар ҳафталиги” га бағишлаб ўтказиладиган
“Музей – мулоқот майдони ” тадбири ҳамда “Кеча ва бугун” кўргазм��си
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 11-июлидаги “Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролариниг маданий-тарихий меросдан фойдаланиш ва улар билан танишиш имкониятини кенгайтириш мақсадида ҳар йили 2-8 сенябрь кунлари “Музейлар ҳафталиги” тадбирларини ўтказиш белгиланган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Амалий санъат музейида 2017 йил 2-8 сентябрь кунлари “Музейлар ҳафталиги” доирасида “Музей-мулоқот майдони” тадбири ва Ўзбекистон Амалий санъат музейи янги экспозициясининг очилиш маросими бўлиб ўтади.
Амалий санъат музейида ташкил этилган туркумий кўргазмалар экспозициясида бизгача давом этиб келаётган ХIХ- ХХ асрга оид ўзбек амалий санъат турлари: мато тўқимачилиги, гиламдўзлик, миллий анъанавий либослар, ёғоч ўймакорлиги, мусиқий чолғу асбоблари, каштачилик, зардўзлик, мисгарлик, кулолчилик ва чинни буюмлар намойиш этилган. Мазкур кўргазма санъат турларини шу кунгача мавжуд мактаб йўналишлари ва услубларини кўриш имкониятини беради. Экспозициянинг ҳар бир залида 20 дан ортиқ ўз йўналишига оид санъат асарлари ўрин олган.
Мисгарлик экспозицияси. Мисгарлик Ўзбекистонда қадимий амалий санъат тури ҳисобланиб, сополчиликдан кейин иккинчи ўринда туради. Мисгарлар ўз асарларини мис, тилла, кумуш, бронза, латун каби етти хил маъдан қотишмасидан ясашган. Айнан мис маҳсулотларига бўлган катта талаб унинг кенг тарқалишига ва мақсадига кўра хилма-хил кўринишда: офтоба, дастшуй, кашкул, чойдиш, сатил, баркаш, обдаста бўлиб, турмушда кенг ишлатилган. Мис идишлар рўзғорда сув келтириш ва тиндиришда, дон ва дукаккли маҳсулотларни сақлашда кенг ишлатилган. Экспозицияда турли мактаб мисгарлари томонидан ясалган ХХ асрга оид мис кандакорлигини кўришимиз мумкин. Шунингдек, музей ҳовлисида мазкур экспозицияни тўлдириб турувчи мисгарлик намуналарига дуч келамиз.
Куолчилик экспозицияси. Кулолчилик- қадимий санъат турларидан ҳисобланиб, минг йиллик тарихга эга. Сопол буюмлар ўз шакл-шамойили, услуби ва анъанасига, ранг жиҳатларига кўра бир неча маҳаллий марказларга бўлинган. Кўргазма экспозициясидан ХIХ- ХХ асрга оид сопол кўза ва лаганлар ўрин олган. Ушбу сопол буюмлар ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Экспозициянинг бир қисмини анъанавий ва замонавий кулолчилик буюмлари тўлдириб турибди.
Либослар экспозицияси.Ўтмишда ҳар бир халқнинг ўз миллий либослари бўлган. Асрлар оша, замон зайли билан либосларнинг бичими ва кўриниши ўзгарган бўлса-да, миллий либосларимиз ўз кўринишини сақлаб қолган. Ушбу экспозицияда бир асрлик либос тарихи жонлантирилган. Экспозициядан ХХ аср бошига оид, шунингдек замонавий эркак ва аёллар либослари ўрин олган. Либослар тоза табиий мато – пахта ва ипак толаларидан тўқилган, шунингдек ипак ва зардўзи каштачилиги билан безалган. Миллий либоснинг ажралмас бўлаги бу бош кийим–дўппидир. Экспозициядан кашта билан тикилган ХХ асрга оид турли ҳудуд анъанавий дўппилари ўрин олган.
Кўргазма экспозициясига ўзгача жило бериб турган миллий чиннилардан халқимиз кундалик ҳаётида ва меҳмонларни кутишда фойдаланишган. Ўзбекистонда илк чинни заводи 1953 йили Самарқандда, 1970 йили Тошкентда, 1978 йили Қувасойда ишга тушди. Аммо хом ашё саналган каолин моддаси хориждан олиб келинар эди. Бугунги кунда эса, маҳаллий ҳом-ашёдан фойдаланилмоқда.
Чинни ўз кўринишини сопол, мис буюмлардан ўзлаштирган. Экспозициядан ўрин олган чинни тўпламлар 50-90 йиллар мобайнида ишланган бўлиб, анъанага айланишга улгурган “пахта”, “атлас” ва “баҳор” чинни тўпламларидир. Энг севимлиси кобольт бўлиб, лаган, коса, пиёла оппоқ чиннига чизилиб, зарҳалланган. Экспозицияда замонавий чинни буюмларини ҳам кўришимиз мумкин.
Ўзбек миллий каштачилиги амалий санъатнинг энг қадимий турларидан бўлиб, у халқимизнинг ўз турмушини гўзал қилиш истаги натижасида юзага келган. Ўтмишда Шарқ халқлари анъанасига кўра ҳар бир ўзбек қизи сепига 10 га яқин турли кашталар “Сўзана” ни ўз қўли билан тикиши ва турмушга чиққач, янги уйига олиб кетиши керак бўлган. Сўзана билан тўйхона ва келин хонаси безалган. Ундан ташқари қўл каштачилигига бўлган эҳтиёж, ўзбек хонадонини жиҳозлашда ва ясатишда кенг ишлатилган. Шунинг учун ҳар бир оила ўзи учун сўзана, чойшаб, кирпеч, дорпеч, ойнахалта, чойхалта, палак, гулк��рпа, буғжома, парда, белбоғ, дўппи каби каштачилик намуналарини тайёрлаган. Ҳар бир ҳудуд асрлар давомида мактаб бўлиб шаклланган ўз каштачилик услубига эга.Ушбу мактаб давомчилари ўз анъаналарини авлоддан-авлодга мерос қилиб, бизнинг кунгача сақлаб келмоқдалар. Шаклланган 11 та каштачилик мактабларининг ҳар бирини ўз характери, чок услуби, ранги ва бадиий ечими мавжуд.
Каштачилик экспозициясидан замонавий катта ва кичик кашталар ўрин олган. Ушбу кашталар анъанавий усулда, ислимий нақш гуллари ипак билан тикилган. Шунингдек, бу экспозицияни замонавий либослар ҳам тўлдириб турибди.
Кўргазма экспозициясидан Амалий санъат музейи заҳирасида сақланиб келаётган уста-ҳунармандлар томонидан яратилган гиламлар ҳам ўрин олган.
Гилам-асрлар давомида ўзбек хонадонини безаги бўлиб келган. Гиламдўзлик билан асосан йилқичилик билан шуғулланган халқлар машғул бўлиб, хом ашёси тайёр бўлган, яъни қўй ва туя жуни. Қадимда гиламлар оддий ингичка дастгоҳда тўқилган ва сотувга қўйилган. Ҳозирги замонда гиламлар фабрикада ва уй шароитида қўл дастгоҳида ва қўлда тўқилиб келинмоқда. Тўқиш услубига кўра гиламлар узун патли “жулхирс”, қисқа патли ва қоқма гилам, шолчаларга бўлинган. Гиламларга анъанавий нақш саналган “анор”, “тумор”, “гардиш”, “қўчқор шохи” кенг ишлатилади. Гиламда гуллар геометрик шаклда бўлиб, энига жойлаштирилади. Гиламдаги асосий устивор ранглар жигарранг, қора ва оқ бўлиб, маҳаллий ўсимлик ранглари саналган рўён, шафрон, индиго ва кашемилдан фойдаланилган. ХХ асрнинг 70 йилларидан бошлаб анелин ранглар қўллана бошлади. Гиламчилик экспозициясидан ўрин олган анъанавий ва замонавий гиламлар алоҳида аҳамиятга эга.
Тадбирда санъатнинг бир неча турлари: каштачилик, кулолчилик, рассомчилик, ўймакорлик йўналишлари бўйича маҳорот дарслари режалаштирилган.
Кўргазма доирасида Республика Дизайн коллежи мутахасислари ва талабалари томонидан миллий либослар намойиши (дефилье) бўлиб ўтади. Шунингдек, Тошкент давлат Миллий рақс ва хореография олий мактаби ўқувчиларининг саҳналаштирилган мусиқий чиқишлари барчани хушнуд этади.
Кўргазма 2017 йилнинг 8-сентябрь кунига қадар давом этади.
Мурожат учун телефон: 256- 40- 42